Тил болалигимизданоқ онгимиз кўзгуси… Руҳшунос Маҳмуд Йўлдошев таҳлили

Posted October 8th, 2014 at 3:44 pm (UTC+0)
Leave a comment

Ўзбек тили ойлиги давом этар экан, ҳамон кенг ишлатиладиган кирилл алифбосида ҳам мақола беришга аҳд қилдик. Азиз мухлис, умид қиламизки, ўзбек тили ва бугунги жамият ҳақида ўз фикрларингизни билдиришда давом этасиз. Қуйидаги мақола Тошкентдан психология фанлари номзоди Маҳмуд Йўлдошев қаламига мансуб. Мутахассис ўз мулоҳазаларини биз ва сиз билан бўлишаётганлари учун миннатдормиз.

“Болангиз ёшлигида ким бўлган бўлса кейинчалик ҳам ўшалигини кўрасиз”

БОЛАНИНГ ТИЛИ ШИРИН

Болаларнинг тили ширин, деймизда уларнинг тили ақлидан озиқланишини, бу ақл эса боланинг вужудга келишидан бошлаб бизнинг ёрдамимизда шаклланаётганини ўйлаб ҳам ўтирмаймиз. Болаларда ақлнинг, сўз бойлигининг энг фаол шаклланиш даври 2-5 ёшлар бўлишини кўпчилигимиз педагог ёки психолог бўлмасак ҳам аниқ кузатамиз. Айни шу даврда улар билан жуда кўп мулоқотда бўлиш ва уларнинг барча берган саволларини жавобсиз қолдирмаслик ўта зарурлиги педагогик нуқтаи назардан муҳимлигини унутмаслик зарур. Бу ўз ўрнида психологларнинг бола тарбияси борасида сизга берадиган алоҳида маслаҳатларидан бири.

Қизиғи шундаки, боланинг мана шу даврдаги суҳбатлари жуда ширин бўлишини ҳам унутмаслик керак. Бола катта бўлганида айнан мана шу даврдаги унинг турли хилдаги суҳбатлари, сўзлари, иборалари бизнинг ва унинг ўзининг хотирасида ўчмас излар қолдиради.

Ҳар бир ота, она, бола атрофидаги бошқа катта кичиклар боланинг айнан мана шу ҳаётий даврига тўғри келадиган турли сўзлар, иборалар ва бошқа оригинал қилиқларини ўз хотираларида сақлаб юришади ва керакли ҳолларда келтириши мумкин. Бу хотиралар, сўз ва иборалар ўз йўналишида боланинг ёшлигида қандай бўлганлигини кўрсатиш билан бир пайтнинг ўзида унинг келгусида қандай киши бўлиб етишганлигига етарли изоҳ бўла олади, унинг қандай кишилигини тўлиқ кўрасата олади, дейиш мумкин. Ўзингиз ўз болангиз айтган сўз ва ибораларни эслаб кўринг ва болангизнинг ҳозирги фаолияти, хулқи, фикрлаш услуби ва бошқа томонлари билан солиштиринг. Кўрасизки, улар бир бирига ўта мутаносиб. Болангиз ёшлигида ким бўлган бўлса кейинчалик ҳам ўшалигини кўрасиз.

Болаларда икки ёшдан беш ёшгача биргина сўз бойлиги эмас бошқа маънавий (асосан абстракт) туйғулар ҳам шаклланиб боради. Улар масалан ҳали уялиш, ачиниш, қайғуриш каби тушунчаларни тўлиқ англаб етолмайди. Аммо шу билан бирга бизнинг ёрдамимизда бу туйғуларга ўзлари тушунмаган ҳолда ўргатилиб борилади.

Ўз ҳаётимдан биргина мисол келтирмоқчиман. Уч ярим, тўрт ёшларимда менинг онам қаттиқ касал бўлиб қолади. Катталар унга ачинган ҳолда “Саломатга худо қувват берсин”, “Худо ўзи асрасин”, “Худо шифо берсин” ва бошқа шунга ўхшаган ибораларни ишлатиб менинг онам Саломатга ҳамдард бўлган бўлсалар керак. Кейинчалик бувим шу воқеа атрофида бўлган бир иборани доимо эслаб юрар эди. Бу шундай бўлган эканки, мен ўз ўйинчоқларимни йиғиштириб юрган бир пайтда ўзимча “Саматга худой, Саматга худой”, деган ибораларда куюниб онамга ҳамдард бўлган эканман. Бувим буни менинг бошқаларга ҳамдардлик кўрсатган пайтларимда доимо қувонч билан эслаб юрар эди.

Бундай ибораларни ҳар бир оилада ва ҳар биримизга боғлиқ ҳолда эслай оламиз. Ва бу иборалар боланинг айнан мана шу иборалари йўналишида шаклланаётганини кўрсатишини унутмаслик керак.

Педагогик жиҳатдан бола тарбиясида бу давр ўта муҳимлигини таъкидловчи яна бир ҳолатга эътиборни қаратмоқчиман. Бу ҳам бўлса боланинг шаклланиш даврида унинг ёнида, у эшитиб турган бир пайтда турли хилдаги иборалар, уй ичидаги жанжал ва бошқа салбий ҳолатлар боланинг онгидан йироқ бўлишини таъминлаш. Яъни ота-оналарнинг ўзаро муносабатларини болалар олдида ҳал қилмасликлари, бола олдида ким яхши ва ким ёмонлигини аниқламаслик масалалари. Бола ҳали тушуниб етмайди, деган хулосада боланинг онгига салбий таъсир берувчи, унинг фикрини чалғитувчи савол ва тушунчаларни унга бермаслик, етказмаслик муҳим. Болага ота бирон иш ёки юмуш топширганда, унга танбеҳ берганда онанинг ёки бошқа кишининг бу ҳолатга аралашмаслиги, айниқса бу топшириқ ёки койишга салбий ёки ижобий баҳо бермаслик, лозим бўлса бу ҳақда боланинг қулоғидан узоқ ҳолда маслаҳатлашиб олиш зарурлигини уқтириб ўтмоқчиман.

Шу ҳолатларга бир мисол келтираман, масалан бизнинг кўпчилик оилаларда катталар, қўшни ва бошқа кишилар томонидан ҳеч бир салбий ҳолати ўйлаб кўрилмаган ҳолда ўта бежиримдай кўринган жуда “оддий” савол, деб қараладиган саволлардан бири бу боладан “фалончи, сен кимни кўпроқ яхши кўрасан, ойингними ё дадангни” қабилидаги саволлар.

Бундай саволлар боланинг руҳини майиб қилиш даражасигача олиб келишини унутмаслик керак. Бола отасини ҳам онасини ҳам бирдай кўриши табиий ҳол бўлиши керак ва у шу руҳда  тарбия топиши шарт. Демак, бундай саволлар боланинг руҳига отаси ёки онасига нисбатан салбий раҳна солишини унутмаслик лозим.

Бола руҳияти жуда нозик бўлади, ҳар бир эшитган сўзи унга қаттиқ таъсир қилиши тайин

Яқинда қизиқ бир ҳодисанинг бевосита гувоҳи бўлдим. Тўй арафасида бўладиган йиғинларнинг бирида катталар орасига беш ёшлардаги бола кириб келди, ҳамма билан саломлашганидан кейин унинг ширинлигини кўрган катталар унга турли хилдаги саволлар бериб, мулоқот қила бошлашди.

Бола зиёли оиланинг фарзанди бўлганлиги унинг саволлари ва жавобларидан жуда аниқ кўриниб турар эди. Ширин бола билан суҳбатлашишнинг ўзи ширин. Шу суҳбат давомида катталардан бири болага ўша эски саволлардан бирини берди, яъни, “фалончи сиз ойингизни кўпроқ яхши кўрасизми ё дадангизни?”- деди. Давра бирдан сукутга чўмди. Бунинг сабаби, боланинг бу саволни берган кишига синчковлик билан бир неча сония жим қараб туриши сабаб бўлди.

Ўринсиз савол берганлигини тушунган одам ҳам ўзича терга ботиб қараб турар эди, шунда бола бу ноқулай муҳитдан “бу яхши савол эмас”, деган ибора билан чиқди.

Тўғри, бола бу жойда савол берувчини анча ноқулай аҳволга солди, аммо саволнинг ўзи ўта ноқулайлигини ўйлаб кўрсак бола ҳолатдан анча яхши чиққанига рози бўламиз.

Болаларнинг баъзи ҳолларда катталарга берадиган саволлари беўрин, ноқулай, андишасиз, қўпол ёки бошқа кўринишларда бўлиши мумкин. Аммо биз унутмаслигимиз керакки, улардаги бу саволлар болаларнинг аҳмоқлиги, кичкиналиги, катталар орасига бирор раҳна солиш ва бошқа мақсадларда эмас, фақатгина уларда ҳаётий тажрибаларнинг камлигидан келиб чиқади.

Ширин бола билан суҳбатлашишнинг ўзи ширин

Шу ўринда болаларда бу пайтларда қизиқ-қизиқ, уларнинг ёшларига тўғри келмайдиган мулоҳазаларни ҳам учратиш мумкин. Бу ҳолатлар ҳам айнан мана шу сабабларга кўра, яъни уларда ҳали ҳаётий тажрибаларнинг етишмаслигидан келиб чиқаётганлигини кўриш мумкин. Бунга мисол қилиб тўрт ярим ёшдаги неварам Бойирнинг мана бу мулоҳазасини кўрсатишими мумкин.

Бойир бир куни суҳбатлашиб ўтирганимизда тўсатдан ота “Сиз энамга уйлангансиз-а, дадам ойимга уйланган, мен ҳам уйланаман”, деб қолди. Мен бу мулоҳаза нимага олиб келар экан, деб Бойирнинг мулаҳазасининг давомини кутдим. У шунда “Мен ҳам Санобар холамга ўхшаган чиройли қизга уйланаман, аммо у Санобар холамдан анча ақллироқ бўлиши керак”, деб мулоҳазасини тамомлади.

Тўрт ярим, беш ёшли боланинг ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиққан ва мана шу ҳали ўта кичкина ҳаётий тажриба асосидаги хулоса даражасига келган мулоҳазаси ичидаги катталар томонидан бевосита билиб билмай, сезиб сезмай сингдирилган салбий ва ижобий хулосаларнинг жамини чиқариб олиш сиз ўқувчига ҳавола қилинади.

Маҳмуд Йўлдошев 

Психология фанлари номзоди

Тошкент

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Muallif haqida:

Malik Mansur Toshkent Davlat Universitetini (hozirda O'zbekiston Milliy Universiteti) bitirgan. Professional jurnalist. Bu sohada 1990-yilardan beri ishlab keladi. O'zbekistonda qator nashrlarda faoliyat yuritgan. "Amerika Ovozi" bilan 2002-yildan buyon hamkorlik qilib keladi. Vatandagi siyosat, iqtisod va ijtimoiy hayotni yoritadi. Malik Mansur tanqidiy maqolalari uchun 2010-yilda davlat organlariga tuhmat qilganlik, haqoratlaganlik va jamoat xavfsizligiga tahdid solganlik aybi bilan Toshkentda sudga tortilgan. Jurnalist va uning reportajlarini efirga uzatgan "Amerika Ovozi" bu ayblovlarni asossiz deb hisoblab, sud ishini so'z va matbuot erkinligini cheklash uchun qilingan qadam deb atagan. Bafurja ma’lumotlar...

Ushbu blog haqida:

O'zbekiston va butun Markaziy Osiyodagi bugungi ahvol, siyosat, iqtisod, jamiyat... Yurtdoshlar nima fikrda? Ularni qanday masalalar qiynamoqda? Marhamat, shu sahifada munozara yuriting. Bu blog siz uchun ochiq. Vatandagi bugungi manzara sizga qanday ko'rinayotganini izohlab berishingiz mumkin.