Тил- савод белгиси… Водийдан мактуб

Posted October 13th, 2014 at 5:00 pm (UTC+0)
Leave a comment

Тилни асраш ва ривожлантириш учун одамлар онги, маънавий дунёқарашида ҳам ислоҳот бўлиши зарур.

Тошкент кучаларида

Ijtimoiy tarmoqlarda keng ulashilib, muhokama qilingan e’lon (fotograf noma’lum)

Бир қарашда маънавиятнинг чегараси йўқдек, илғаб бўлмасдек туюлади. Лекин ана шу маънавий муҳит иҳота қилинмаса, маънавиятга алоқаси йўқ битиклардан ҳимояланмаса, бетаъсир нағмалар кўпайиб кетишини, муқаддас маънавиятимиз оёқости бўлишини вақт яққол кўрсатди.

Кейинги пайтларда баъзан давлатнинг миллий рамзи сифатида эътироф этилаётган она тилимизга ўта ҳафсаласизлик ва бепарволарча муносабатда бўлаётганлигимиз ҳам бор гап. Кўчаларни айланаркансиз катта-катта баннерларда донишмандларнинг ўгитлари, ҳар хил чақириқлар, реклама лавҳалари кўча ҳуснига янада чирой бағишлаётгандек. Лекин улардаги ҳар хил имловий ва услубий хатолар чиройга ҳуснбузар бўлиб турибди. Буюк аждодларимизнинг номлари, ўгитлари, сўзларини «х» ёки «ҳ» ҳарфининг фарқига бормасдан ёзилиши, ҳаттоки, лотин имлосидаги оддий тутуқ белгисининг нотўғри қўлланилиши бир қарашда бефарқликка ўхшаб кўринади.

Бироқ бунинг тагида сиёсий ғўрлик, боболарга нисбатан ҳурматсизлик ётибди. Мабодо одам бирор бир жойга меҳмонга отланса, сочларини тараб, янги, тоза, чиройли кийимларини кийиб боради. Нега энди минглаб одамлар ўтадиган кўчаларда эътиборсизлик оқибати саводсизлик намунасидек порлаб туриши керак?! Бу шунчаки бепарволик ёки оддий ҳафсаласизлик эмас…

Чунки бунинг ортида ёш авлод тарбияси бор. Ёш бола бундай хатоларни кўриб ажабланади, ҳайрон бўлади ва аста-секин шунга кўникади. Бу ҳол боланинг кўнглида буюк шахсларга нисбатан англаниши қийин бепарволик уйғотади. Катталарнинг аждодларимизга нисбатан муносабатини кўриб, совийди. Яна бугун биз нимага кўзида чўғи йўқ, сўник болалар пайдо бўляпти, оташин йигит-қизларимиз кам деб, ҳайрон бўламиз. Аслида мана шулар ҳам уларни сиёсий бепарволикка, ҳафсаласизликка, ҳаётга нисбатан лоқайдликка олиб келаётган омиллардан бири!

Uzbekistan Uzbekistan streets

Она тили – миллат мулки

Қачонлардир собиқ тузумнинг руслаштириш сиёсати оқибатида фамилиялар Джалолов, Ходжаев бўлиб, Муҳаммадқуловлар Маматқулов ёки Матқулов бўлиб кетган. Қорақалпоғистонлик бир дўстим ўзининг паспортида қайд этилган исмидан хафа бўлиб айтганди: “Олмас. Паспортимда шундай ёзилган. Аслида Ўлмас бўлиши лозим. Лекин олмас қорақалпоқчада “ўғил эмас” маъносини беради. Бу уят эмасми?”

Нега энди биз бу фамилияларни тўғриламаслигимиз ва бундай бузуқ фамилияларни кўтариб юришимиз керак?! Ахир бу фамилия бутун бир авлод, аждодларимиз номи-нишони!

Ёзнинг жазирама иссиғида йўл четида “Ўрик шарбати. Орррзооон” деган ёзувга кўзим тушди, ҳайрон бўлдим. Менга ҳамроҳлик қилаётган дўстим гапга чечанроқ эди, ҳазилга буриб, бу ўрик шарбатининг арзонлигига ишора, деди. Бу ҳақида муҳокамани тугатмасдан “Ўрик оламиз пули штр” ёзуви чиқди. “Штр” бу жаргоник тилда нақд, ўша заҳоти шитирлатиб санаб берамиз” дегани эмиш.

Янги иш бошлаган биноларни “АГАМА”, “ГРАНТ”, “EZIDYOR” каби бошқа тиллар орқали кириб келган ёки бўлмаса араб тилига хос “АЛ-МУБИН”, “АЛ-БАРАКА”, турк тилига тақлидан “МОДАЛАР ЭВИ” (“Модалар уйи” дейилмоқчи) каби ажнабий сўзлар билан аташ ҳоллари ҳам учрамоқда.

Бундай жумлаларни кўрганингда ҳашаматли, кўркам бинолар номидан ҳам, чорловлардан ҳам миллатимизга хос нафас уфуриб туриши керак эмасми ахир, деб ўйлаб қоласан. Ёзувлар, номларни ўқиб кўриб бу борада муаммолар анчайин оғриқли, ташвишли эканини билганимиз ҳолда, тезроқ чора-тадбирлар белгилаш зарурати туғилганини таъкидламоқчиман.

Қуйидаги қўшиқ матнига эътибор беринг-а:

Бир кун бориб қолдим водийни Қўқонига,

Адашиб кириб қолдим «Чархий»нинг дўконига

Ҳолвадан ширин сўзлар, эритиб юрагимни,

Дўкончи йигит аста ушлади билагимни.

Ҳай-ҳай аста-аста, акам унақамасда,

Тошконни таманнози, кўнмайди бир пасда.

Бу ўзбек тили фонетик қонуниятларини бузиш, очиқ-ошкора менсимаслик эмасми?!

Бундай қўшиқчилар, афсуски, машина устаси эмас, тузатиб берган машинасини бошқараётган ҳайдовчи бир жойда автоҳалокатга учраши аниқ. Яхшиям улар бола тарбия қиладиган энага эмас, фарзандингиз носоғлом муҳитда ўсган бўларди. Устанинг машинангизга нотўғри ташхис қўйганини билсангиз, иккинчи унга кўрсатмайсиз, жигаргўшангизнинг нотўғри йўлдан кетаётганини билсангиз, саводсиз энагага яқинлаштирмайсиз, нари борса машинангизни сотиб юборасиз ёки тарбиячини уйдан ҳайдаб чиқарасиз. Афсуски, булар “санъаткор” (ўз таъбирларида). Бундай саёз қўшиқлар натижасида бутун жамоатчилик, омма, айниқса, ёшлар кўп зарар кўради. Ёшларнинг дунёқараши, маънавий иммунитетида салбий асорат қолдиришга сабаб бўлаётган саёз қўшиқларни ва унинг ижрочиларини “тўғри йўл”га солиш анча қийин кечмоқда.

Бу ишлар аҳамиятсиз, майда нарсадек туюлиши мумкин. Эътибор берсак, тоғлардаги майда ирмоқлар йўли тўсилганда катта тошқинларга сабаб бўлгани каби бугун саводга бўлган бефарқлик эртага оммавий саводсизликни келтириб чиқариши мумкин.

Даҳолар орасида олий ўринга сазовор бўлган бобокалонимиз ҳазрат Навоийнинг ўз асарларида 26 мингта сўзни бетакрор ишлатганини инобатга олсак, олдимиздан оққан сувни қадрини билмайдиганларга ўхшамаяпмизми? Шу ўринда мутаффаккирнинг тилга эҳтиётсизлик, элга эътиборсизлик деган таъкидлари ҳам худди бугуннинг хитобидай эшитилаётганини англаб етишимиз зарур.

Сўзлашувда бўладими, тарғибот-ташвиқот кўргазмаларидами, барибир адабий тил меъёрларига амал қилишимиз шарт! Зеро, бу қоида бугуннинг талаби. Миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз давомийлигини таъминлайдиган улуғ вазифа.

Мухлис

12 октябрь, 2014 йил

Атоқли ўзбек адиби Абдулла Қаҳҳор 1936 йилда ёзган мана бу ҳикояни  ўқиганмисиз?

Санъаткор

Концерт одатдагича “навбатдаги номеримизда… Келганларинга раҳмат, ўртоқлар” билан тамом бўлди. Номи чиққан ашулачи-санъаткордан бошқа ҳамма хурсанд бўлиб тарқалди. Санъаткор тажанг эди: танаффус вақтида залга чиққан эди, бир тракторист уни саводсизликда айблади. Тракторист танқид қилганига санъаткор асли чидай олмас эди: трактор қаёқда-ю масалан, “чорзарб” қаёқда, тракторист қаёқда-ю ашулачи қаёқда!

Санъаткор уйига кетгани извошга ўтирганида яна тутақиб кетди: “Ҳеч бўлмаса айтадиган ашулангни ўрган, сўзларини тўғри айт” эмиш! Нимасини билмайман, нимаси тўғри эмас? Мени шу вақтгача мухбирлар, ёзувчилар ҳам танқид қилган эмас, формализм, натурализмлардан ўтдим – ҳеч ким отвод бергани йўқ. Отвод бериш қаёқда, ҳеч ким мени оғзига ҳам олмади. Энди бир тракторист танқид қилар эмиш!..

Санъаткор извошчини ҳайрон қолдириб, ўзидан ўзи ғулдираб борар эди. Уйда хизматчи овқат қилиб қўйган экан, санъаткорнинг томоғидан ҳеч нарса ўтмади – икки пиёла чой ичди, холос. Унга туриб-туриб наша қилар эди: “Ашулани мехайлистик айтар эмишман! Товушим ёмон бўлса нега пластинкага олди? Танқид деганига энди бу кишининг ҳам танқид қилғулари келипти… Амали тракторист… Оббо!..”

– Ўқишга бордингизми? – деди хизматчига қовоғини солиб.

– Бордим… – хизматчи икки ҳафтадан бери савод мактабида ўқир эди.

– Хизматчиси савод мактабида ўқиётган бир кишини тракторист саводсиз, деса алам қилмайдими? – деди санъаткор ўзича бўғилиб, –“лабингдан бўлса олсам, э, шакарлаб”, деганим у кишига ёқмабди, “бўлса” эмас, “бўса” эмиш! Ўзи билмайди-ю, менга ўргатганига куяман! Сенга ўхшаган саводсизлар “бўса, бўмаса” дейди. Артист културний одам – гапни адабий қилиб айтади – “бўлса, бўлмаса” дейди.

Пожарни “гугуртни ерга ташламанг”, деди, режиссёримиз эса “гугуртнинг ерга ташаманг”, деди. Қандай чиройлик! Пожарними, пожарнингми? Шошма, нима учун пожарни? Пожарни, албатта! Режиссёримиз жуда културний одам. Одам деган мана шундай бўлса, уришса ҳам хафа бўлмайди киши – икки гапнинг бирида “таъбир жойиз кўрилса” деб туради. Бу тракторист менга шунча дашном бериб бир марта “таъбир жойиз кўрилса”, демади.

Хизматчи дафтар-қалам келтириб, санъаткорнинг олдиги қўйди.

– “Ж”нинг каттаси қандай ёзилар эди? Домламиз бир куни кўрсатган эди, эсимда қолмапти.

Санъаткорнинг жаҳли чиқди:

– Энди “Ж” га келдингизми? Баржом деганда ёзилади. Кечаги баржом оғзи очиқ қолипти, гази чиққандан кейин бир пулга қиммат. Сиз ҳам дунёга келиб културний бўлсангиз-чи!.. Бурнингиз терлади, артинг, таъбир жойиз кўрилса!

Санъаткор ўрнидан туриб ётоққа кириб кетди.

– Ётасизми? – деди хизматчи нариги уйдан.

– Нима эди?

– “Ж” нинг каттасини кўрсатиб бермадингиз, эртага домла сўрайдиган эдилар. Қанақа ёзилади?

– Кичигини ёзиб қаттиқроқ ўқинг!

Санъаткор ечиниб кўрпага кирди. Хизматчи чироқни ўчириб чиқди. Санъаткор кўзини юмди, кўзига ғира-шира қоронғи залдаги сон-саноқсиз каллалар кўринди. Булар ичида энг каттаси трактористнинг калласи, у илжаяр эди.

– Афтинг қурсин! – деди санъаткор ва нариги ёнбошига ағдарилди.

Ҳаял ўтмай уйқуга кетиб хуррак отди. Унинг хурраги ҳам нечукдир адабийроқ эди: “Плуқ-қум-прр… плуқ-қум-прр…”

1936 йил.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Muallif haqida:

Malik Mansur Toshkent Davlat Universitetini (hozirda O'zbekiston Milliy Universiteti) bitirgan. Professional jurnalist. Bu sohada 1990-yilardan beri ishlab keladi. O'zbekistonda qator nashrlarda faoliyat yuritgan. "Amerika Ovozi" bilan 2002-yildan buyon hamkorlik qilib keladi. Vatandagi siyosat, iqtisod va ijtimoiy hayotni yoritadi. Malik Mansur tanqidiy maqolalari uchun 2010-yilda davlat organlariga tuhmat qilganlik, haqoratlaganlik va jamoat xavfsizligiga tahdid solganlik aybi bilan Toshkentda sudga tortilgan. Jurnalist va uning reportajlarini efirga uzatgan "Amerika Ovozi" bu ayblovlarni asossiz deb hisoblab, sud ishini so'z va matbuot erkinligini cheklash uchun qilingan qadam deb atagan. Bafurja ma’lumotlar...

Ushbu blog haqida:

O'zbekiston va butun Markaziy Osiyodagi bugungi ahvol, siyosat, iqtisod, jamiyat... Yurtdoshlar nima fikrda? Ularni qanday masalalar qiynamoqda? Marhamat, shu sahifada munozara yuriting. Bu blog siz uchun ochiq. Vatandagi bugungi manzara sizga qanday ko'rinayotganini izohlab berishingiz mumkin.