Ikki fuqarolik haqida

Posted June 22nd, 2013 at 7:55 pm (UTC+0)
2 comments

Savol: O’zbekiston fuqarolarining xorijda tug’ilgan farzandlari ikki davlat, ya’ni O’zbekiston va o’zi yashab turgan davlatning fuqaroligini olishi mumkinmi?

Javob:

(AUDIO: Ikki fuqarolik haqida)

O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 21-moddasiga ko’ra, O’zbekiston Respublikasining butun hududida yagona fuqarolik o’rnatiladi. Demak, O’zbekiston Respublikasida ikki fuqarolikka yo’l qo’yilmaydi.

”O’zbekiston Respublikasining fuqaroligi to’g’risida”gi qonunning 14-moddasiga ko’ra, ota-onasining fuqaroligi har xil bo’lib, ulardan biri bola tug’ilgan paytda O’zbekiston Respublikasining fuqarosi bo’lgan bo’lsa, agar bu vaqtda ota-ona O’zbekistondan tashqarida doimiy istiqomat joyiga ega bo’lgan bo’lsalar, O’zbekiston Respublikasidan tashqarida tug’ilgan bolaning fuqaroligi ota-onasining yozma tarzda ifodalangan kelishuvi asosida belgilanadi. Demak, keyingi farzandlaringiz tug’ilganda ularning O’zbekiston Respublikasi fuqarosi bo’lishini xohlasangiz, farzand tug’ilgan vaqtda buni turmush o’rtog’ingiz bilan yozma tarzda ifodalangan kelishuv asosida rasmiylashtirishingiz mumkin.

Turkiya fuqaroligiga ega farzandingizni O’zbekiston fuqaroligiga o’tkazishni xohlasangiz, ”O’zbekiston Respublikasining fuqaroligi to’g’risida”gi qonunining 17-moddasiga asosan, ota-onasidan biri, ya’ni siz O’zbekiston Respublikasi fuqaroligiga ega bo’lganligingiz uchun farzandingizning Turkiya fuqarolidan voz kechganligi, O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasini tan olishini ifodalab, O’zbekiston Respublikasi fuqaroligini so’rab Turkiyada joylashgan O’zbekiston diplomatik vakolatxonalariga yoki konsullik muassasalariga murojaat qilishingiz kerak. Arizaga Turkiya fuqaroligidan voz kechganlikni isbotlovchi Turkiya davlati tomonidan berilgan hujjat ilova qilinishi kerak.

O’zbekiston Respublikasi fuqaroligiga oid masalalarga doir arizalardan davlat boji undiriladi. O’zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi qarori bilan imzolangan ‘’Davlat boji stavkalari”ning 7-bandi a-qismiga binoan O’zbekiston Respublikasi fuqaroligiga qabul qilish haqidagi arizadan eng kam oylik ish haqining ikki baravari miqdorida davlat boji undiriladi.

Qo’shimcha ma’lumot uchun quyidagi hujjatni o’qib chiqishingizni tavsiya etamiz:

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ФУҚАРОЛИГИ БИЛАН БОҒЛИҚ МАСАЛАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОНИ

 

2 responses to “Ikki fuqarolik haqida”

  1. Temur Malikov says:

    Салом Америка Овози. Менда икки фуқаролик борасида бир нечта савол бор ва уларнинг барчасига батафсил жавоб олсам яхши бўларди.

    1. Ўзбекистон Фуқаролик қонуни 10-моддасида Ўзбекистон фуқароларининг иккични бир давлат фуқароси эканлиги ТАН ОЛИНМАЙДИ дейилади. Яъни сен иккинчи давлат фуқароси бўлишинг мумкин,аммо Ўзбекистон назарида унинг фуқароси бўлиб қоласан. Бу ерда умуман ТАҚИҚ деган сўз йўқ ва назарда тутилмаган ҳам. Лекин нега барча ҳуқуқшунослар Ўзбекистон икки фуқароликни тақиқлайди деб такрорлашади. Ахир “ТАН ОЛМАСЛИК” ва “ТАҚИҚЛАШ” бутунлай икки хил маънодаги ҳуқуқий тушунчалар-ку. Нега Ўзбекистондаги икки фуқаролик ҳақидаги бандлар тақиқланади деб нотўғри талқин этилмоқда?

    2. Кўпчилик жазо бор икки фуқаролик учун дейишади. Қайси қонунда ва қайси моддада кўрсатилган ўша жазо. Аниқ модда ва жазо тури керак. Маъмурийми ва жиноийми? МеН шахсан бутун қонунларни ўқиб топа олмадим ҳеч қандай жазо турини. Нега бизда ҳуқуқшунослар ҳам, одамлар ҳам қонунда кўзда тутилмаган жазони ўзларича тўқиб чиқаришади. (Илтимос паспорт режимини бузганлик деган гапни келтирмасангизар бу ерда. Чунки икки фуқаролик бутунлай бошқа масала).

    3. Агар икки фуқароликни Ўзбекистон жазолайди десангиз, айтингчи нега? нега дунёда ҳеч бир мамлакат ўз фуқаролари иккинчи фуқароликни олгани учун жазога тортмайдию, Ўзбекистон жазога тортиши керак? Демак Ўзбекистон шунчалик бешафқат ва жазо машинасига айланган давлат экан, деб тан олсак бўладими? чунки бошқа давлатлар энг қаттиқ жазоласа ўша одамнинг ўз фуқаролигини бекор қилади, холос. (Менимча, Ўзбекистон ҳам ҳеч кимни шу пайтгача жазоламаган бу учун).

    4.Масалан Россия ва Озарбайжон фуқаролик қонунлари ҳам худди Ўзбекистон каби иккинчи давлат фуқаролигини ТАН ОЛМАЙДИ. (Россия учун Тожикистон ва Туркманистон истисно холос). Мен шахсан қонунларини ўқиб чиқдим сўзма сўз. Аммо нега уларнинг фуқаролари бошқа давлат фуқаролигини ҳам олиб, аммо Россия ва Озарбайжон паспортлари билан ўз ватанларига бемалол кириб чиқишадию, худди шундай қонунга эга бўлган Ўзбекистонда бу мумкин эмас? (Бу икки фуқароликни тан олмайдиган барча давлатларда мумкин бўлган ҳолат – Россия, Эрон, Озарбайжон, Украина ва АҚШда ҳам).

    5. Ўзбекистон фуқароси бўлган одам фуқароликдан чиқиши ўз ихтиёрида дейилади қонунда. Нега бошқа давлат фуқаролигини олган ўзбекларни айрим консулликлар мажбуран фуқароликдан воз кечасан, бўлмаса мамлакатга кириб чиқолмайсан деб шарт қўяди. У одам Ўзбекистон фуқароси сифатида Ўзбекистонга кириб чиқиши мумкинку қонунан.Нега уни воз кечишга мажбурлашмоқда?

    6. Фуқароликдан воз кечган одамлар Ўзбекистонда туғилган ва ўша ерда пропискада турган шахс сифатида Ўзбекистонда яшовчи хорижлик шахснинг беш йиллик яшаш ҳуқуқини олиши мумкин экан. Аммо амалда бу ишлайдими? Мен воз кечсам, демак беш йиллик доимий яшаш ҳуқуқини, яъин долчинранг паспорт ёки ВНЖ олишим мумкинми агар проипискадан чиқмаган бўлсам Ўзбекистонда?

    7. Ҳиндистон аҳолиси энг катта давлат. Лекин Ҳиндистон энди хорижий фуқарога айланган ўзининг барча собиқ фуқароларига ва уларнинг бола-чақаларига ҳам ОНС ёки хорижда яшовчи фуқаро карточкасини бермоқда. Бу билан улар Ҳиндистонга визасиз бориши ва у ерда яшаб ишлаши мумкин. Аммо мавқеи хорижий бўлади. Бундан Ҳиндистон катта ютуққа эришмоқда. Нега Ўзбекистон шундай қилмайди? Нима халал беради бунга?

    8. Туркияда ҳам бўлгинчилик ва террор, исломчи кучлар ва минтақавий беқарорлик муаммолари бор. Аммо Туркия икки фуқароликни рағбатлантиради ва кенг ижозат берган бунга. Мамлакат бундан жуда катта ютуқларга эришмоқда ва дунёнинг олди 20 давлати қаторига кирган бирон табиий бойлиги бўлмаса ҳам. Бу йўад икки фуқаролик катта фойда келтирган. Нега Ўзбекистон бу каби илғор ва замон талабига мос тажрибаларни ўрганиб тадбиқ этмайди. Бу учну ҳатто қонунни ўзгартириш ҳам шарт эмас-ку? Фақат Россия ва ё Озарбайжон ҳукуматлари каби йўл тутса бўлди-ку?

    9. Чет эл паспортини олган ўзбеклар бемалол ватанига кириб чиқа олишса, ҳар йили миллионлаб доллар маблағ мамлакатга киришини наҳотки ҳеч ким ўйламайди? Бу катта иқтисодий ютуқ, туризм ривожланиши деганику? Агар Ўзбекистон икки фуқароликни тан олмаса ҳам шу одамларни ўз фуқароси сифатида таниб, бемалол кириб чиқишига рухсат берсин. Биз сармоя тикайлик бориб ватанга, пулимизин ҳар йили она юртиизда сарфлайлик. Яхши бузоқ иккита онани эмади деган халқиизнинг мақоли борку?

    10. Ўзбекистонда туғилган ва ё собиқ Ўзбекистон фуқароси бўлганлар янги фуқаролик олишса, уларнинг ҳеч бўлмаса Ўзбекистонга визасиз кириб чиқишларига рухсат беришса бўлмайдими? Жуда кўп мамлакатларда бу тажриба бор ва ўзини оқлаяпти. Масалан, Афғонистон ҳукумати ҳозир шундай йўл тутаяпти. Ва Ғарб ё Дубайда яшовчи афғонлар нафақат миллионлаб, балки миллиардлаб доллар маблағлариин ҳатто шу нотинч давлатларига ҳам тикишмоқда. Ўзбекистондек тинч давлатда эса бизнес гуркираб кетади-ку шунаг рухсат берилса.

    11. Чет элда яшовчи Ўзбекистон фуқаролари бола кўришса, улар исташмаса ҳам фарзандлари ўша мамлакат фуқароси бўлиб қолишмоқда. Аммо энди ота-оналари нима қилишни билишмай қолган Ўзбекистон борсак нима бўларкин деб. Чунки болалари учун Ўзбекистон метрикасини ҳам олишган. Лекин кўпчиилк автоматик тарзда ўзлари туғилган давлат фуқароси ҳамдирлар. Нега бу оилаларага, бу болаларга ҳеч бўлмаса балоғатга етгунча имконият бермайди Ўзбекистон? Ёки ҳеч бўлмаса ўзбекистон метрикаси ва нариги давлат паспорти билан ёш болаларнинг бемалол кириб чиқишига йўл бермайди?

    12. Японияда икки фуқаролик йўқ. Аммо улар бола токи 21 ёшга етгунича бемалол иккита паспорт билан кириб чиқишига изн беришади. Фақат 21 ёшда бир фуқароликни танлайди. Агар бошқа фуқароликни танласа ҳам Японияга виза олиб бориб келишида умуман муаммо бўлмйади. Ўзбекистонда эса эскича қарашлар, нотўғри тушунчалар сақланиб қолган ва фуқаролигини алмаштирган одамга сотқинсан деб виза бермасликлари мумкин. Япония эса дунёга муҳожир чиқарадиган давлат саналмайди Шу боис Ўзбекистон бу йулдан кета олмайди. Масалан, Филиппин биз каби ташқарига муҳожир ишчи чиқаради ва бу давлат ҳам икки фуқароликка эга одамларга кириб-чиқиши учун эркинлик берилиши зарурлигини, шунда нафақат бу одамлар, балки мамлакат ўзи ҳам фойда кўришини англаб етдику. Нега Ўзбекистон бу заруратни англаб етмаяпти?

    13. Ҳурматли ҳуқуқшунос, агар Америка фуқаролигини олган, лекин Ўзбекистон фуқаролигидан икки дунёда ҳам воз кечишни истамаган одам ватанига борса, Ўзбекистон унга нисбатан нима чора кўради? Ахир мажбуран чиқаришга ҳаққи йўқ-ку? Қайси қонунни ишга солиб жазолайди ва нега дунё тарихида ҳеч бир давлат бу учун жазоламайдиган бир пайтда Ўзебкистон шу каби ноинсоний ва шафқатсиз жазога қўл уради деб ўйлайсиз?

    14. Нега Ўзбекистоннинг фуқаролик тўғрисидаги қонуни нотўғри талқин қилинмоқда? Масалан Тан олинмайди деган юридик тушунчани кўпчилик Тақиқланади деб тушунмоқда ва ҳуқуқшунослар ҳам буни нотўғри тарзда тақиқланади деб изоҳлашмоқда? Нега? Фақатгина Ислом Каримов икки фуқаролик ачинарли ва беватанлик дегани учунми? нега 30 миллион аҳоли шиддат билан ўзгараётган замонда Совет давридан бери мамлакатин эскича бошқариб келаётган битта одамнинг гапини деб қийналиб яшаши керак?

    Жавоблар учун катта раҳмат
    Темур Маликов

  2. bobur says:

    qaysi davlatlarda ikki fuqarolik mavjud ?

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Blog haqida

Yuridik klinika - "Amerika ovozi" saytining yuridik maslahatlar sahifasi. O'zbekiston qonunchiligi, xorijga chiqish-kelish, fuqarolik, immigratsiya kabi mavzularda huquqiy savollaringiz bo'lsa, ularni bizga uzbek@voanews.com elektron pochta manzili orqali yo'llashingiz mumkin.
Savollaringizga malakali huquqshunoslar javob beradi.
Ushbu blog fuqarolar huquqiy savodxonligini oshirish bilan shug'ullanuvchi "Tashabbus" nodavlat tashkiloti bilan hamkorlikda tashkil etilgan.

Taqvim

June 2013
M T W T F S S
    Jul »
 12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930